19:10
Самарқандда бир тонналик палов тайёрланади
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан 27-29 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бир қатор маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилади.

Вилоят ҳокими ўринбосари томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланишича, 27 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги барча маданий мерос объектларига кириш бепул бўлади. Руҳобод мажмуасидаги Ҳунармандлар марказида концерт дастури намойиш этилади. Шунингдек, шаҳардаги Ислом Каримов кўчаси, Регистон майдони атрофида ва бошқа туристик масканларда Самарқанд сайёҳлик салоҳияти бўйича тақдимотлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазма-савдолари ташкил этилади.

Шу куни оқшом Регистон майдонида маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун 3D меппинг шоуси намойиш этилади.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, 28 сентябрь куни Ислом Каримов кўчасида тадбирлар давом этади ва кечга яқин «Бибихоним» чойхонасида «Мега палов» тадбирига ҳозирлик бошланади. «Мўътабар зардўз» хусусий корхонаси ташаббуси билан бу ерда 1 тонналик палов тайёрлаш режалаштирилган. Бунинг учун Фарғонадан 2 тонналик улкан қозон Самарқандга келтирилган.

29 сентябрь куни бир тонналик ош тайёрлаш жараёнини хорижлик сайёҳлар бевосита кузатиб боришади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 8 сентябрида Тошкентда 7,3 тонна ҳажмда палов тайёрланган ва бу мега-палов Гиннесснинг рекордлар китобига кирганди.

Ўтган йилнинг сентябрида Марғилонда ҳам 2 тонналик палов тайёрланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 январида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта қозонда 9 тонналик ош тайёрланганди
Категория: News | Просмотров: 652 | Добавил: admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar