20:04
Эктор Купер: «Терма жамоада ўсиш кузатилди»
Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан ўтказилган матбуот анжуманида дастлаб Эктор Купер иштирок этди.

— Биринчи навбатда ўйин ажойиб ўтганини таъкидлашим лозим. Футболчиларимиз ўйиндан олдин берилган барча кўрсатмаларни тўлиқ бажаришга ҳаракат қилишди. Терма жамоа футболчилари мен томондан қўйилган талабларни тушуниб боришмоқда ва уларни майдонда бажаришмоқда. Шунга қарамай, ҳали камчиликларимиз бор. Қатар тўпни яхши назорат қилди. Ўша пайтда уларга қарши прессинг қўллашда хатоларга йўл қўйдик. Кейинги йиғинларда бу камчиликларни бартараф этиб боришга ҳаракат қиламиз.

Рақибдан тўпни олиб қўйиш учун баъзида орқага қайтишга тўғри келди ва тўпни қайтариб олиш учун қулай вазиятни кутишга тўғри келди. Қачон тартибли ўйин қилсак, ҳужумкор ўйин қила оламиз. Кўп хатога йўл қўйсак, ҳимояда "ўтириб" қоламиз. Аввалги 2та ўйинга нисбатан терма жамоада катта ўсиш кузатилди, деб айта оламан.

— Сиз ўтказган биринчи ва иккинчи йиғинлар ўртасидаги фарқ нимада бўлди? Сизни яна қайси жиҳатларимиз хавотирга солмоқда?
— Албатта, иккинчи йиғин аввалгисига қараганда яхшироқ ўтди. Бу билан чекланиб қолмаймиз. Футболчиларга бўлган талабни ошириб борамиз. Талабнинг ошиб борилиши нафақат терма жамоа, балки ўзбек футболи учун фойдали деб ўйлайман.

— Терма жамоа ўзагини ташкил қилиши мумкин бўлган 7-8 нафар футболчилар номини айта оласизми?
— Ҳозирча терма жамоа ўзагини ташкил қиладиган 7-8 нафар футболчи бор деб айта олмайман. Терма жамоада ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Ҳозир яхши ўйнаётган футболчи январь ойида яхши ўйнамаслиги мумкин. Ҳаттоки менинг жойим ҳам кафолатланмаган. Ҳозир натижа яхши бўлаётгани бўлиши мумкин, лекин кейинчалик натижа қандай бўлиши билмайман. Қайси футболчи энг яхши формада бўлса, ўша майдонга тушади. Шу боис, ҳеч бир футболчига терма жамоада жой кафолатланмаган.

— Ўйин пайтида ҳиссиётларга берилиб футболчиларга эътироз билдириб ўтдингиз. Бунинг сабаби нимада?
— Ҳиссиётларга берилганимнинг сабаби, жаҳлим чиққанининг сабаби, баланд овозда кўрсатмалар бериш, ҳатти-ҳаракатларим орқали ўйинчиларнинг фаоллигини оширишга ҳаракат қиламан. Ҳали хатоларимиз кўп. Уларга ҳиссиёт билан кўрсатма берсам, улар буни яхши эслаб қолишади. Иккита йиғин давомида жами 28 кун давомида шуғулландик. Футболчилар энди ўз клубларига қайтиб келишади. Улар бир ойдан кейин қайтиб келишганида талабларни яна бир марта эслатиб, уларни янада яхшироқ бажаришлари учун ҳаракат қиламиз.
Категория: News | Просмотров: 816 | Добавил: admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar