14:23 Ўзбекистонлик зиёратчилар умрага жўнаб кетди | |
Зиёратчилар “Умра” қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди ҳамда улар марказлашган тиббий пунктларда менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Бугун 31 май куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 209 нафардан иборат дастлабки (4 нафар ишчи гуруҳи, 1 нафар шифокор) гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерида Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита Матбуот хизмати “Qalampir.uz”га хабар берди. Жорий йилнинг 31 майдан 17 июнга қадар ўзбекистонлик фуқароларни умра зиёратига кузатиш ва кутиб олиш режалаштирилган бўлиб, жами 1500 нафар фуқароларнинг Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишлари бўйича 7 та чартер авиарейсида сафарлари ташкил этилади. Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи, 30 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 8 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатади. Зиёратчиларга сафар олдидан давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Умра” қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди ҳамда улар марказлашган тиббий пунктларда менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган “Мааса ал-Бустон”, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 600-650 метр узоқликдаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари тайёрлаб қўйилган. Меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси музлатгич, кондиционер ҳамда телевизор билан жиҳозланган. Мадина ва Макка шаҳарларидаги меҳмонхоналарда ифторлик ва саҳарлик вақтларида зиёратчилар учун икки хилдаги ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар ва турли ичимликлар ҳозирланган. Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча - 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар. | |
|
Всего комментариев: 0 | |